Туркманистон: Дашўғузда қарздорлар электр ва газ тармоғидан узиб қўйилаяпти

Туркманистоннинг Дашўғуз вилояти расмийлари коммунал хизматлар, газ, электр ва сув учун ҳақ олишда мажбурий чораларни ишга солаяпти.

“Озодлик” туркман хизматининг мазкур вилоятдаги мухбирига кўра, мажбурий чора ўлароқ қарздорларнинг гази ўчириб қўйилмоқда.

“Газ хўжалиги ходимлари ўлчов жиҳозлари мавжудлиги ва созлигини текширишаяпти, ҳисоблагичлардан кўрсаткичларни ёзиб олиб, сўнг квитанция ва бошқа ҳужжатларни талаб қилишаяпти. Атиги битта қоғоз бўлмаса ҳам жарима ёзишаяпти ва қарздорларнинг газини ўчириб қўйишаяпти”, дейди мухбир. Унинг айтишича, талаб қилинаётган ҳужжатлар орасида ўлчов асбобларининг сифати тўғрисидаги давлат муассасаси томонидан тасдиқланган сертификат, инвентарь дафтари, уй китобидан кўчирма ва оила таркиби тўғрисидаги маълумотнома кабилар ҳам бор.

Туркманистондаги суҳбатдошларга кўра, айни дамда коммунал хизматлар учун қарз ундириш чоралари ёппасига, уюшган тартибда амалга оширилмоқда. Айрим ҳолларда газчилар ҳуқуқ- тартибот идоралари вакиллари билан биргаликда уйма-уй юришибди.

Дашўғуз вилоятидаги бир туман газ хўжалиги идораси бухгалтерининг “Озодлик”ка айтишича, аҳолидан газ ва электр учун қарзларни ёппасига ундириш талаби вилоят маъмуриятининг махсус йиғилишида очиқланган.

Вилоятдаги қарздорлар сони ҳамда ҳозиргача қанча хўжалик газ ва электрсиз қолгани маълум эмас. “Озодлик” радиоси Дашўғуз вилоят маъмурияти ва газ идораларидан бу борада маълумот ва изоҳ олишга муваффақ бўлолмади.