Малайзияда гиёҳванд модда сотишга уринган украиналик аёл умрбод қамалди

Малайзияда гиёҳванд модда савдосига қўл уришда айбдор деб топилган украиналик аёл умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

5 ноябрь куни Малайзия Олий суди Клавдия Лопаткинани 1,5 кг кокаин сотишга уринишда айбдор деб топди.

24 ёшдаги Украина фуқароси 2015 йилнинг декабрида Малайзиянинг Пенанг ороли халқаро аэропортида қўлга олган эди. Ўшанда полиция ходимлари Лопаткина буюмлари ичидан шоколад қутиларига яширилган кокаин топган.

Лопаткина 2017 йилнинг декабрида ўтказилган илк судда оқланган, аммо айбловчилар суд ҳукми устидан шикоят қилган.

Украиналик аёл қўлга олинганида ҳомиладор бўлган ва 2016 йилнинг августида қамоқда эканлигида қиз фарзанд кўрган.