Назарбоев: Инсофсиз монополистлар жавобгарликка тортилиши керак

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзининг яқиндаги “халққа мурожаати моҳияти”ни англаш ва “виждонсиз монополистлар”ни жавобгарликка тортиш юзасидан амалдорларга юзланди.

Хавфсизлик Кенгашининг 7 ноябрь куни Остонада бўлиб ўтган мажлисида Назарбоев, социологик тадқиқотларга кўра, Қозоғистон аҳолисини коммунал хизматлар, таълим ва тиббий хизмат нархлари ташвишга солаётганини билдирди.

Қозоғистон президенти Уй-жой коммунал хўжалиги хизматлари, жумладан, иссиқлик, электр энергияси учун тўловлар аҳолининг умумий ҳаражатларининг катта қисмини қамраб олганини қайд этди ва коммунал хизматлар учун тарифларни оширган табиий монополия субъектларини жавобгарликка тортишга чақирди, дея хабар беради маҳаллий ахборот агентликлари. Назарбоевнинг мазкур баёноти маҳаллий валюта бўлмиш танганинг қиймати пасайганидан сўнг бирламчи эҳтиёж маҳсулотларининг нархи кўтарилиб кетиши қабатида янгради.

“Агар тарифлар аниқ иқтисодий ҳисоб-китоблар билан мустаҳкамланмаган ҳолда сунъий равишда оширилаётган бўлса, бу ҳар бир оилада харажат ошишига сабаб бўлади. Буларнинг ҳаммаси менинг [халққа] мурожаатимга мутлақо зиддир”, деди Назарбоев “фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган” яқиндаги мурожаатини назарда тутган ҳолда.

“Бу вазифани ўзига сингдириб олмаган, мурожаат моҳиятини англаб етмаган давлат идораларининг раҳбарлари ва вакилларига тушунтириб қўйиш лозим… Инсофсиз монополистлар жавобгарликка тортилиши керак”, дея қўшимча қилди Назарбоев.

Ўтган ой охирида Қозоғистон Бош прокуратураси электр энергияси ва иссиқлик энергияси тарифлари асоссиз ошириб юборилганини аниқлагани ҳақида баёнот берганди.

Тафтиш натижаларига кўра, энергия узатувчи ва таъминловчи ташкилотлар тарифларни асоссиз равишда оширган, бу эса, ўз навбатида, уларнинг 29 миллиард танга ($78 млн.дан кўпроқ) даромад олишига сабаб бўлган.