Лондон суди озарбайжон банкирининг хотинини гаров эвазига озодликка чиқарди

Жаҳонгир ва Замира Ҳожиев(а)лар Озарбайжонда катта миқдордаги ўғирликда айбланган.

Лондон суди Озарбайжон халқаро банкининг собиқ президенти Жаҳонгир Ҳожиевнинг хотини Замира Ҳожиевани ярим миллион фунт стерлинг гаров пули эвазига озодликка чиқарди. Ҳожиева ҳар кун полиция бўлимидан қайддан ўтиш¸ кечқурун 9 дан кейин уйидан чиқмаслик ва Лондонни тарк этмаслик шарти билан қўйиб юборилган.

Лондондаги дунëга машҳур Harrods дўконидан 16 миллион фунт стерлинглик харид қилгани ортидан Британия молиявий полицияси назарига тушган Ҳожиева ўтган ҳафта қўлга олинган эди.

20 миллион фунт стерлингга Лондон марказидан уй сотиб олган Ҳожиева Озарбайжонда ўғирликда айбланмоқда.

Ҳозирда Британия полицияси Ҳожиева Лондонда сарфлаган миллионларнинг қаердан олинганини текширмоқда. Унга бу пулларни ноқонуний ўзлаштирганлик айби қўйилмоқда.

55 яшар Замира Ҳожиеванинг эри 2016 йилда Боку суди томонидан талон-тарож ва ўғриликда айбланиб¸ 15 йилга қамалган. Айблов хулосасига кўра¸ Ҳожиев президентлиги даврида Озарбайжон халқаро банки ҳисобидан ўнлаб миллион доллар маблағ изсиз йўқолган. Судда Ҳожиев бу айбларни инкор қилган.