И. Раҳмон Данғарадаги велосайёҳларга ҳужум милиция совуққонлиги туфайли юз берганини айтди

Данғара-Душанбе трассасида хорижлик велосайёҳларга ҳужум милиция ва маҳаллий махсус хизмат ходимларининг совуққонлиги сабабли юз берди, дея билдирди Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўтган ҳафта сўнгида Тожикистон милицияси куни муносабати билан ўтказилган тантанали мажлисда қилган чиқишида.

Шу йилнинг 29 июль куни террорчилар бошқарган автомобиль Тожикистон бўйлаб саёҳатга чиққан хорижликларга бориб урилган. Шундан сўнг террорчилар велосайёҳларга болта ва пичоқ билан ҳужум қилганлар. Террор хуружи оқибатида тўрт нафар хорижлик ҳалок бўлиб, икки нафари оғир тан жароҳати олган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Нурек ва Панж туманларидаги МХДҚ ва ИИВ ходимларини хорижликларга қарши ҳужумнинг олдини ололмаганлари учун танқид қилган. Унга кўра, террорчилар ҳужумга ярим йил тайёргарлик кўрганлар. “Агар маҳаллий идоралар сергаклик ва профессионализмни намоён қилганларида эди, ҳужумнинг олдини олган бўлардилар. Гуруҳ аъзолари милиция ва хавфсизлик идоралари рўйхатида турган бўларди, чекистлар тартиб посбонлари билан бираликда уларнинг ҳар бир қадамни кузатиб туришлари шарт эди. Қаранг, улар ҳужумдан аввал қанча учрашув ўтказишган, нималар қилишмаган, дейсиз … Аммо биз совуққонликка йўл қўйдик”, деди Тожикистон президенти.

И.Раҳмон ўз чиқишида сўнгги йилларда ички ишлар идоралари томонидан таркибида 500 кишидан кўпроқ одам бўлган ва 900дан зиёд жиноятга алоқаси бўлган 95та уюшган жиноий гуруҳ аниқланиб, қўлга олингани, улардан айримлари йўқ қилинганини қайд этган.