Ўзбек вазири Роғун ГЭСи биринчи агрегатининг ишга туширилишида иштирок этади

Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев 16 ноябрь куни Тожикистонга келиб, Роғун ГЭСи биринчи агрегатининг ишга туширилишини шахсан кузатади.

ASIA-Plus агентлигининг Тожикистон ҳукуматидаги манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, Ш. Ҳамроев Роғун ГЭСи қурилиш майдонига Тожикистон ҳукумати таклифига биноан келмоқда.

Расмий Душанбе Роғун ГЭСи биринчи агрегатини ишга тушириш маросимида иштирок этиш таклифи билан Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон ва Покистон ҳукуматларига нома йўллаган.

Роғун ГЭСи Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов даврида Тошкент билан Душанбе ўртасидаги алоқалар совишига сабаб бўлган омиллардан бири сифатида кўриларди. Каримов маъмурияти ГЭС қурилишини “Ўзбекистон манфаатларига зид”, деб ҳисоблаб келган.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев эса Роғун лойиҳасига қарши эмаслигини, ҳатто ГЭС қурилишида Ўзбекистон ҳам иштирок этиши мумкинлигини билдирган.