Қирғизистонда мулкини яширган судьялар жавобгарликка тортилади

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон Бош прокуратураси бир қатор судьяларни ягона солиқ декларациясида кўчувчи ва кўчмас мулкларини кўрсатмагани учун жавобгарликка тортмоқчи.

Прокуратуранинг қайд этишича, судьялар томонидан мол-мулкни яшириш ҳолати солиқ хизматидан келиб тушган материалларни ўрганиш натижасида маълум бўлган.

Бош прокуратура амалдаги судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги тақдимномани Судьялар кенгаши ҳузуридаги Тартиб-интизом комиссиясига юборган. Комиссия ўз ваколатини тугатган судьяларни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш масаласини ҳам кўриб чиқиши керак.

Аввалроқ Қирғизистон расмийлари мансабдорларнинг декларацияларини текшириш ва бу жараёнга фуқаролик жамияти вакилларини жалб этиш коррупцияга қарши курашнинг зарурий қисми эканини қайд этгандилар.