Юқори малакали мутахассис бўлган хорижликларга Ўзбекистонда камида $60 000 йиллик иш ҳақи белгиланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда юқори малакали мутахассисларга йилига 60 минг доллардан кам бўлмаган миқдорда маош бериладиган бўлди. Бу миқдор президентнинг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилди.

Қарорга берилган расмий шарҳда таъкидланишича, малакали чет эллик мутахассислар меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва уни мутлақо янги поғонага кўтариш, рақобатдош меҳнат ресурсларини жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида мана шундай янги қоида қабул қилинмоқда.

Халқаро рейтингда биринчи 1000 таликка кирадиган олий таълим муассасаларини битирган, мутахассислиги бўйича 5 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга чет эл фуқаролари юқори малакали мутахассис сифатида тан олинадиган бўлди.Уларга йилига 60 минг доллардан кам бўлмаган миқдорда маош белгиланади.

Қарорга асосан олий маълумотли, мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик иш тажрибасига эга чет эл фуқаролар эса малакали мутахассислар, деб тан олинади ва уларга йилига 30 минг доллардан кам бўлмаган миқдорда маош белгиланади.