Македония Венгриядан сиёсий бошпана олган собиқ бош вазирни экстрадиция қилишни талаб этди

Македония собиқ бош вазири Никола Груевский.

Македония Ички ишлар вазирлиги Венгриядан собиқ бош вазир Никола Груевскийни экстрадиция қилишни талаб этишини билдирди.

Вазирлик Никола Груевский 13 ноябрь куни Венгриядан сиёсий бошпана сўрагани ва айни пайтда Венгрияда эканини Facebook саҳифасида ёзиб чиққанидан беш соат ўтиб мана шундай баёнот тарқатди.

Бунга қадар полиция собиқ бош вазирни Македония ҳудудида қамоққа олиш учун қидираётган эди.

Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто 13 ноябрда ўтган матбуот анжуманида Никола Груевский масаласида ахборот беришдан бош тортди:

-Мен унинг қаерда экани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлашни ҳам, рад этишни ҳам истамайман. Мен бошпана берилиши тўғрисида пайдо бўлган маълумотлар ҳақида ҳеч нарса дея олмайман,-деди Сийярто.

Македония полицияси 12 ноябрда коррупцияда айбланиб, икки йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Груевскийни қидирувга берган эди.

2006-2016 йилларда Македония бош вазири лавозимида ишлаган 48 ёшли Груевский 13 ноябрда Венгриядан сиёсий бошпана сўраганинини билдирган.