“Тошиссиққуввати” пойтахтни иссиқлик билан узликсиз таъминлашни кафолатлай олмаслигини билдирди

Иллюстратив сурат.

“Тошиссиққуввати” давлат унитар корхонаси пойтахтни узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминлашга кафолат бера олмайди. Бу ҳақда Kun.uz “Тошиссиққуввати” бош муҳандиси Азизбек Каримбековга таянган ҳолда маълум қилди.

Муҳандиснинг билдиришича: “Тошкент шаҳридаги иссиқлик қуввати қувурларининг 72 фоизи яроқлилик муддатидан ўтиб кетган ҳолда ишламоқда. Улар эскирган. Келгусида яна авариялар юз бермаслиги кафолатланмаган”.

Расмий айни пайтда Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, қатор хорижий ширкатлар билан билан молиявий кўмак ажратиш масаласи муҳокама қилинаётганини, бу масала ҳал этилса, йирик масштабдаги капитал таъмирлаш ишлари бошланишини ҳам билдирган.

12 ноябрдан 13 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг ​Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида ижтимоий объектларни иссиқлик энергияси​ билан таъминловчи қувурдаги авария туфайли жами 250 та уй ва бошқа объектлар иссиқлик таъминотидан узилиб қолган эди. 14 ноябрда авария бартараф этилиб, уйларга иссиқлик берила бошлангани хабар қилинди.

“Тошкент шаҳри аҳолисига 12 та катта марказий қозонхона ҳамда 202 та кичкина маҳаллий қозонхоналар орқали иссиқлик энергияси билан етказиб берилади. Мазкур иссиқлик марказларидан чиққан жами 2700 км узунликдаги иссиқлик тармоқлари орқали Тошкент шаҳрида жойлашган 12 мингдан ортиқ кўп қаватли аҳоли турар-жойлари ва ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси билан таъминланади”, дейилади хабарда.