Хотин-қизлар қўмитаси никоҳ ёшини оширишни таклиф қилмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мамлакатда никоҳ ёшини оширишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматовага таянган ҳолда ЎзА маълум қилди.

Хабарда айтилишича, қўмита никоҳ ёши қизлар ва йигитлар учун - 18 ёш деб белгиланиши керак деб ҳисоблайди.

"Ўзбекистонда оилаларнинг бузилишининг бирламчи сабаби моддий қийинчиликлар эмас - оиладаги тарбия ва икки ёшнинг ахлоқидир. Шунингдек, эрта турмушнинг салбий оқибатлари тарғиб этилишига қарамай, баъзи вилоятларда қизлар 16 ёшдан турмушга берилмоқда", - дейди Мукаррам Нурматова.

Бугунги кунда Ўзбекистонда оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 этиб белгиланган.

Статистика маълумотларида Ўзбекистонда 7 миллиондан ортиқ оила мавжудлиги, аҳолининг 98 фоиздан ортиғи оилаларда истиқомат қилиши билдирилади.