Андижон ва Самарқандда 800 сўмлик метан гази 2000-2200 сўмдан сотилмоқда

Тошкентдаги АЁҚШлардан бири.

Андижон ва Самарқанд вилоятларида автомобилларга қуйиладиган метан гази нархи кескин қимматлагани тўғрисида Kun.uz 19 ноябрда хабар берди.

Нашрнинг билдиришича, 1 кубометр метан гази Андижон вилоятида 2200 сўмгача, Самарқанд вилоятида эса 2000 сўмгача сотилмоқда.

Айни пайтда хабарда Молия вазирлиги 16 ноябрдан бошлаб автомобиль газ тўлдириш компрессор станцияларига табиий газ тарифини 1 кубометр учун 800 сўм (ҚҚС билан) миқдорида ўрнатгани таъкидланади.

Ўзбекистонда 16 ноябрдан бошлаб бензин, дизель ёқилғиси, электр энергияси, табиий газ, суюлтирилган газ, иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти нархлари қимматлатилган эди.