Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда иссиқхона комплексларини ривожлантириш тўғрисида кўрсатма берди.
Президентнинг 2018 йил 20 ноябрда “Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида иссиқхоналарни ташкил этиш бўйича лойиҳаларга 200 миллион доллардан кам бўлмаган ҳажмда маблағ йўналтириш белгилаб берилди.
Қарорда таъкидланишича, 200 миллион доллар маблағ 2019 йилда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, бошқа халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматлар молия ташкилотларидан қарз сифатида олинади.
Қарорда, шунингдек, замонавий иссиқхона комплекслари, уларнинг бутловчи қисмлари ва гофрланган картон идиш ишлаб чиқарувчи юридик шахслар 2021 йил 1 январга қадар фойда солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши ҳам қайд этилган.