Ростов-Донда Ўзбекистон бош консулхонаси очилгани хабар қилинди

Ростов-Дон шаҳри манзараси.

Россиянинг Ростов-Дон шаҳрида Ўзбекистон бош консулхонаси очилди. Бу ҳақда президент қарори қабул қилингани тўғрисида Адлия вазирлиги 20 ноябрда маълум қилди.

Қарорда Ташқи ишлар вазирлигига масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ростов-Дон шаҳридаги бош консулхонани консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва меҳнат мигрантлари масалалари бўйича мутахассислар билан тўлдириш вазифаси топширилди.

Россиянинг қатор шаҳарларида консулхона ташкил этилиши тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги 2017 йилнинг 24 апрелида маълум қилган эди. 2018 йилнинг августида Екатеринбург, Қозон, Владивосток ва Ростов Дон шаҳарларида Ўзбекистон консулхоналари ташкил этилгани, аммо шу кунгача бино йўқлиги муносабати билан ишламай келаётгани билдирилган.

Август ойидаги маълумотда бугунги кунда фақат 2018 йилнинг февралида ташкил этилган Санкт – Петербургдаги консулхона фаолият кўрсатаётгани айтилган эди.