Акмал Саидов: Ўзбекистон 8 минг афғонистонликни ватанига қайтарди

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал Саидов.

Ўзбекистонда вақтинча бошпана топган 8 минг афғонистонлик ўз ватанига қайтарилди. Бу ҳақда 21 ноябрь куни Халқаро-пресс клубда ўтган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал Саидов маълумот берди.

«Биз ушбу масала бўйича доим амалий ишларни бажариб келмоқдамиз. Айни пайтда 200дан ортиқ БМТ мандатидаги қочоқ мақомини олган муҳожирлар Ўзбекистонда қолган», - деб билдирди Акмал Саидов.

Расмийнинг айтишича, Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига аъзо бўлишга интилмоқда. Ташкилот бунинг учун Ўзбекистондан Қочқинлар мақоми тўғрисидаги 1951 йилги халқаро Конвенцияни имзолашни, ушбу ҳужжатга илова сифатида 1967 йил қабул қилинган факультатив протоколни қабул қилишни сўрамоқда.

Аввалроқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳам Ўзбекистон яқин орада Халқаро миграция ташкилотига қўшилиши ҳақида хабар тарқатганди.