Кобулдаги ҳудкуш ҳужум оқибатида ўлганлар сони 55 кишига етди

Кобулда 20 ноябрдаги ҳужумда яраланганлардан бири.

Афғонистонлик муллаларнинг 20 ноябрь куни пойтахт Кобулда уюштирган тадбири пайтида қилинган худкуш ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 55 кишига етди.

Афғонистон ҳукумати Толибон ҳужум учун масъул эмаслигини эълон қилгани ортидан мазкур портлашга алоқадорларни қидириш ишларини олиб бормоқда.

Толибон расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид 20 ноябрда толиблар тинч аҳоли ва дин уламоларига ҳужум қилишни қоралашини эълон қилган эди. 21 ноябрда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари “Биз бу ҳужум ортида ким турганини ҳозирча билмаймиз”, деб баёнот берди.

Ҳужум 20 ноябрда уламолар катта тўйхонага Муҳаммад пайғамбар туғилган кунни нишонлаш учун тўпланган пайтда уюштирилган. Худкуш шахс ўзини зал ўртасида портлатиб юборган.

Ҳужумдан бир оз ўтгач, расмийлар камида 43 одам ҳалок бўлгани ва 83 одам яраланганини билдирган эди.