23 ноябрь куни Тожикистон адлия вазири муовини ва Қамоқхоналар бошқармаси раҳбари Иззатулло Шарифзода Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон фармони билан ишдан бўшатилди.
Бу вазифага Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раисининг муовини Мансуржон Умаров тайинланди.
Фармонда Шарифзоданинг истеъфоси "нафақага чиқиш" дея кӯрсатилган, аммо кузатувчилар бу ҳодисани жорий ойда Хўжанд қамоқхонасида юз берган исёнга алоқадор эканини айтмоқдалар.
15 ноябрь куни Хўжанд шаҳридаги колония бошлиғи Файзулло Сафарзода ва колониянинг яна олти ходими ишдан бўшатилган ва улар устидан жиноят ишлари қўзғатилган эди.
7 ноябрь оқшомида Сўғд вилояти маъмурий маркази Хўжанд шаҳрида жойлашган қаттиқ режимли колонияда юз берган исён натижасида, расмий манбаларга кўра, 21 маҳкум ва икки соқчи ҳалок бўлган.
Аммо норасмий манбалар, қаттиқ режимли колонияда кўтарилган исён давомида камида 50 киши ўлгани борасида хабар берган.
"Ислом давлати" экстремист гуруҳи ушбу исён учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
"Ислом давлати"нинг маълум қилишича, исён унинг "аскарларидан бири" томонидан амалга оширилган. Гуруҳ бундай баёнотни ўзинг "Амақ" ахборот агентлиги орқали 8 ноябрда тарқатди.
Сўғд вилоятида 7 ноябрда содир бўлган воқеа юзасидан Тожикистон ҳукумати биринчи марта расмий баёноти берди.
Шу кунга қадар ҳукумат бу борада сукут сақлаб келаётган эди.
Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Хўжанд шаҳрида жойлашган қаттиқ режимли колонияда кўтарилган исён давомида 25 киши ўлганини маълум қилди.
22 ноябрь куни Брюсселда "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" доирасидаги кенгашдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Сирожиддин Муҳриддин маҳбуслар қўриқчиларга ҳужум қилгани, икки зобитни ўлдириб, яна беш нафарини яралаганини айтди.