Афғонистонда шиа норозилари полицияни тошбўрон қилди

Хазора аёллар ўтказган намойишлардан бири.

Афғонистон пойтахти Кобулда шиа жанггарилари раҳбари қўлга олинганига норозилик билдириб намойишга чиққанлар полиция билан тўқнашди.

25 ноябрда норози хазоралар билан юз берган тўқнашувда камида бир полициячи жароҳатлангани хабар қилинди. Норозилар полициячиларни тошбўрон қилган.

Хабарларда айтилишича, полиция норозиларни тарқатиш учун ҳавога қарата ўқ отган. Норозилар бир нечта полиция назорат пунктларига ўт қўйган.

Мазкур намойиш Кобулда асосан хазора шиалар яшайдиган Дашти Барчи мавзесида Алипур исмли жанггарилар раҳбари полиция томонидан қўлга олингани ортидан бошланиб кетган. Ҳозирча Алипур нимада гумонланаётгани ёки айбланаётгани маълум эмас.