"Вақф" жамғармаси 145 талабанинг контракт пулларини тўлаб берди

"Вақф" жамғармаси гувоҳномаси.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг "Вақф" жамғармаси 145 талабага 1 миллиард 200 миллион сўмлик контракт пулини тўлаб берди.

Жамғарма матбуот хизматининг 28 ноябрда билдиришича, бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтган "Илмга эътибор — келажакка эътибор" хайрия акциясининг тақдимоти маросимида маълум қилинди.

Хабарда айтилишича, жамғарма ўтган давр мобайнида диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш учун 298 миллион 631 минг сўм, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабаларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 165 миллион 650 минг сўм, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард 170 миллион 86 минг 159 сўм, жами 3 миллиард 343 миллион 956 минг сўмдан зиёд маблағни хайрия қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат ташкилоти жорий йил 10 май куни Адлия Вазирлиги рўйхатидан ўтказилган.