Грузия президентлигига номзод Григол Вашадзе сайлов натижаларини тан олмаслигини айтди

Грузия президентлигига номзод Григол Вашадзе.

Грузия президентлигига номзод Григол Вашадзе 28 ноябрда ўтган президентлик сайлови натижаларини тан олишдан бош тортди ва сайловчиларни норозилик намойишлари ўтказишга чақирди.

-Аслида бу сайлов эмас, шармандалик бўлди. Биз ўзини ҳукумат деб атаётган тузилманинг шарманда бўлганига гувоҳ бўлдик. Афсуски, улар ўзларининг қолган-қутган легитимлигини ҳам йўқотишди,-деди Вашадзе Тблисида ўтказилган матбуот анжуманида.

Вашадзе ўз тарафдорларини 2 декабрь куни Тблисида тинч намойиш ўтказишга чақирди.

28 ноябрь куни Грузияда бўлиб ўтган президент сайловида ҳукумрон “Грузия орзуси” партияси номзоди Саломе Зурабишвили ғалаба қозонгани эълон қилинган эди.

Расмий маълумотларда айтилишича, унга сайловчиларнинг 59,5 фоизи овоз берган. Мухолифат номзоди Григол Вашадзе 40 фоиздан кўп овоз тўплаган.

Григол Вашадзе номзодини собиқ президент Михаил Саакашвили бошчилигидаги мухолифатдаги “Ягона миллий ҳаракат” коалицияси илгари сурди.