G20 саммити иштирокчилари ЖСТни ислоҳ қилишга даъват этди

Дунёдаги 20 та иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар раҳбарлари халқаро савдо-сотиқ бугунги кун талабларига жавоб бермай қолганини тан олиб, Жаҳон савдо ташкилотини ислоҳ қилиш даъватини маъқуллади.

1 декабрь куни Буэнос-Айрес шаҳри мезбонлик қилган G20 саммитида қабул қилинган баёнотда барча иштирокчилар иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича Париж битимига содиқ экани таъкидланади. Фақат битимдан чиққан Қўшма Штатлар раҳбариятигина бу фикрга қўшилмади.

Баёнотда айтилишича, 20 та мамлакатнинг барчаси кўптомонлама савдо-сотиқни қўллаб-қувватлайди, айни чоқда жорий тизим ислоҳотга муҳтож эканини ҳам эътироф этади, яна “маълум қонун-қоидаларга асосланган халқаро тартиб”га содиқ эканини ҳам изҳор этади.

Европа мамлакатлари расмийлари Америка Қўшма Штатлари кўплаб муҳим масалалардан ўзини четга олаётганини таъкидлади. Аммо Франция президенти Эммануэл Макрон АҚШнинг баёнот матнига рози бўлганини ғалаба, деб атади.

G20 нинг кейинги саммити 2019 йил июнида Япониянинг Осака шаҳрида бўлиб ўтади.