Ҳолландия суди ўзини 20 ёшга ёшартиришни талаб қилган шахснинг талабини қаноатлантирмади

Эмиль Рателбанд.

Ҳолландия суди ўзини расман 20 ёшга ёшартириб беришни талаб қилган шахснинг аризасини қаноатлантирмади.

Ноябрь ойида Эмиль Рателбанд Арнеме шаҳар судига ҳужжатларда унинг ёшини 69 эмас, 49 ёш қилиб кўрсатишни илтимос қилиб ариза киритган эди.

Рателбанд бу илтимосни ўзини 20 ёшга ёшроқ, яъни 49 ёшли одамдек ҳис қилиши билан асослаган. У ўз илтимоси халқаро тажрибада мавжуд бўлган ўз шахсини ўзи аниқлаш, исмни ёки жинсини алмаштириш каби ҳуқуқлардан бири эканини ҳам таъкидлаган.

Бироқ Ҳолландия суди 3 декабрда бу илтимосни рад этди. Суд қарорида айтилишича, Ҳолландияда ҳар бир шахс ёшидан келиб чиқиб, масалан, мажбурий тарзда мактабга бориш, сайловда овоз бериш каби муайян мажбуриятларга эга.

«Агар жаноб Рателбанднинг илтимоси қаноатлантирилса, қонунчиликда белгиланган бу мажбуриятлар ўз-ўзидан мантиқсиз ва кераксиз нарсаларга айланиб қолади», дейилади суд қарорида.