Халқаро меҳнат ташкилоти делегацияси Ўзбекистонга сафар қилади

ХМТ Ўзбекистонда 2018 йили пахта терганларнинг 93 фоизи бу ишни ихтиëрий равишда қилгани ҳақида ҳисобот чиқарди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Gay Rayder бошчилигидаги делегация 13 декабрь куни Ўзбекистонга келади¸ деб хабар тарқатди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Сафар давомида ХМТ вакилларининг Тошкент ҳукумати расмийлари¸ хусусан¸ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги¸ Касаба уюшмалари федерацияси ва Савдо-саноат палатаси раҳбарлари билан учрашиши кутилмоқда.

Расмий хабарда ëзилишича¸ ХМТ делегацияси Тошкентда “Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида муносиб бандликни таъминлаш: халқаро амалиëт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этади.

ХМТ бир неча йилдан бери Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсумидаги болалар ва катталар мажбурий меҳнати вазиятини кузатиб келмоқда.

2018 йилги пахта мавсумида пахтазорларда 11 минг одам билан суҳбатлашганини билдирган ХМТ¸ 21 ноябрь кунги ҳисоботида жорий йили 93 фоиз теримчининг пахтага ўз ихтиёри билан чиққанини иддао қилди.