Европарламент “Шимолий оқим-2” лойиҳасини тўхтатиш резолюциясини маъқуллади

Европа парламенти депутатлари “Шимолий оқим-2” газ қувурлари лойиҳасини “сиëсий проект” деб топди ва унинг қурилишини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди.

Бу ҳақдаги резолюцияни 433 депутат қўллаб овоз берди¸ 105 депутат қарши чиққан бўлса¸ 30 нафари овоз беришдан сақланди.

Европа энергетик таъминотида Украинанинг белгиловчи роль ўйнаши айтилган ҳужжатда “Шимолий оқим-2” лойиҳаси қитъа энергетик хавфсизлигига таҳдид деб баҳоланди.

12 декабрь куни АҚШ Намояндалар палатаси “Шимолий оқим-2” лойиҳасига қарши санкция жорий қилди ва Европани ўз энергетик мустақиллигини сақлаб қолиш учун бу проектдан воз кечишга чақирди.

“Шимолий оқим-2” Россия ва Германияни Болтиқ денгизидан ўтувчи газ қувурлари билан боғлашни назарда тутади.

2019 йил охиригача ишга туширилиши мўлжалланган трубопроводларнинг йилига 55 миллиард куб метр газ ўтказиш қувватига эга бўлиши кутилмоқда.

Умумий қиймати 11 миллиард долларга баҳоланган бу лойиҳанинг асосий қурувчиси Газпром¸ айни пайтда¸ унда Германия¸ Франция¸Ҳолландия ва Австриянинг йирик ëнилғи компаниялари иштирок этмоқда.