Косово президенти: Армия тузиш қарори бекор қилинмайди

Косово президенти Ҳошим Тачи.

БМТ Косовонинг ўз армиясини тузиш қарорини кўриб чиқишга ҳозирланар экан, мамлакат президенти Ҳошим Тачи Косовода тўлақонли армия тузиш қарори бекор қилинмаслигини таъкидлади.

Косовонинг енгил қуролли кучларини профессионал армияга айлантириш тўғрисидаги қарорни 14 декабрь куни Косово парламентининг этник албан депутатлари бир овоздан қўллади. Ушбу қарорга Косоводаги этник серблар ҳамда қўшни Сербия кескин қарши чиқмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг Косовода армия тузиш қарорини кўриб чиқишни кўзлаётган йиғинида қатнашиш учун АҚШга отланган Тачи:

- Хавфсизлик кенгашида нима содир бўлишидан қатъи назар, бирор шахс ёки давлат хавотирларига қарамасдан, Косово армиясини тузиш режасидан воз кечилмайди, - деди.

Косово 2500 нафар аскарга эга хавфсизлик кучларини 5000 аскарлик тўлиқ қуролланган армияга айлантиришни режалаштирмоқда.

17 декабрга белгиланган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғини Сербия илтимоси билан ўтказилмоқда. 14 декабрь куни кенгаш ёпиқ эшиклар ортида йиғин форматини муҳокама қилди.

Сербия ҳамкори бўлмиш Россия кенгаш йиғини очиқ форматда ўтказилиши талаб қилмоқда. Европа давлатлари эса ушбу масалани ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқиш тарафдоридир.