Сенат ҳисоботида Россиянинг АҚШ сайловига аралашганига оид батафсил маълумотлар берилади

Россиянинг "Интернет тадқиқотлари агентлиги" ("Троллар фабрикаси") Санкт-Петербургдаги мана шу бинода жойлашгани айтилади.

АҚШ Сенати жорий ҳафтада 2016 йилги президент сайловида Дональд Трампнинг ғалабасини таъминлаш учун Россия олиб борган кенг қамровли дезинформация кампанияси ҳақидаги ҳисоботини эълон қилади. Бу ҳақда TheWashington Post газетаси хабар қилди.

16 декабрь куни чоп этилган мақолада Сенат резведка қўмитаси учун маълумот таҳлил қилиш гуруҳлари тайёрлаб берган ҳисоботнинг илк нусхасидан иқтибос келтирилган. Мазкур ҳисобот Сенатга Facebook, Google ҳамда Twitter ижтимоий тармоқларда бўлишилган миллионлаб постлар ҳақида батафсил маълумот бериши ортидан тайёрланган илк ҳисоботдир.

The Washington Post мақоласида ёзилишича, ҳисоботда Россия ҳукуматининг "Интернет тадқиқотлари агентлиги"нинг Трамп сайлов кампаниясини қўллашга ҳамда америкаликлар фикрига таъсир ўтказишга қаратилган уринишлари ҳақида янги тафсилотлар келтирилган.

Ҳисоботнинг илк нусхаларидан бирида Россия ҳукумати кампанияси Республикачилар партияси ҳамда номзод Трампнинг фойдасини кўзлагани айтилади.

Мақолада келтирилган иқтибосларнинг бирида шундай дейилади:

Консерватив ҳамда ўнг қанот сайловчиларни нишонга олган кампанияларда Трамп энг кўп тилга олинган бўлиб, бу кампанияларда сайловчилар уни қўллашга чақирилган.