Трамп АҚШ ҳарбийлари Суриядан чиқарилишини маълум қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп 19 декабрда ўзининг Twitter саҳифасида Америка қўшинлари “Ислом давлати” гуруҳи устидан қозонилган “тарихий ғалаба ортидан” Суриядан ватанларига қайтарилишини маълум қилди.

Сурияда ҳозир АҚШнинг икки минг нафар аскари бор. Улар бугунги кунда Суриядаги курд ва араб жанггари гуруҳларига “Ислом давлати” гуруҳи қолдиқларига қарши курашда кўмаклашмоқда.

Республикачи ва демократ сиёсатчилар Дональд Трампнинг бу қарорини “жиддий хато” сифатида баҳоламоқда. Жумладан, сенатор Линдси Грэм Трамп АҚШ ҳарбийларини Суриядан олиб чиқиб кетса, бу “Ислом давлати” гуруҳи, президент Башар Ассад ва унинг иттифоқчилари Россия ҳамда Эрон учун катта ғалаба бўлишини айтди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги “АҚШ ҳарбийларининг Суриядан чиқарилиши бу мамлакатдаги инқирозни тинч йўл билан бартараф этиш учун омил яратади”, деб ҳисоблашини маълум қилди.