АҚШ яна янги авлод GPS сунъий йўлдошларини учиришга уриниб кўрмоқчи

АҚШ муҳандислари яна бир марта янги авлод GPS сунъий йўлдошларини учиришга уриниб кўриш учун ҳаво очиқ бўлишидан умидвор. Расмийларга кўра, орбита тизими аниқроқ ва ҳар хил халақит берувчи таҳдидлардан хавфсизроқ бўлади.

SpaceX Falcon 9 ракетаси Флорида штатидаги Канаверал бурнидан 18 декабрь куни учирилиши мўлжалланган эди. Бироқ номаълум техник муаммо учиришни бир кунга кечиктиришга мажбур қилди.

Ракета дастлабки 32 та GPS III сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқади ва улар эски тизимдаги йўлдошларни алмаштириши кўзда тутилмоқда. Умумий нархи 7-12 миллиард экани айтилаётган тизимнинг етакчи функциялари 2022 йилгача ишлатилмайди.

Глобал навигация билан шуғулланувчи сунъий йўлдош тизимларини фаолиятини кузатиб борадиган журнал асосчиси Глен Гиббонснинг айтишича, янги сунъий йўлдошлар ишга туширилгач, қулай шароит бўлган тақдирда оддий тўлқин қабул қилувчи қурилмаларнинг аниқлиги 1-3 метрга етади, ҳарбий тўлқин қабул қилувчи қурилмалар аниқлиги ундан ҳам юқори бўлади.

Ҳарбий мутахассислар фикрича, GPS III сунъий йўлдошларининг сигнали кучлироқ бўлгани сабабли уларга халақит бериш қийин бўлади.

Гарчи GPS тизимидан фуқаролик технологияларида фойдаланилса-да, уни ҳарбий хизматчилар ҳам навигация ҳамда ақлли бомба ва ракеталарни йўналтиришда ишлатади.