Бешариқлик ўқувчининг ўлимига ўқитувчиси сабабчи эканлиги исботланмади

Миржалол Зокиров

Фарғона вилоят, Бешариқ туманидаги 17- умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Миржалол Зокировнинг ўлимига ўқитувчиси сабабчи эканлиги ҳақидаги отасининг гаплари ўз тасдиғини топмади.

Бу ҳақда Қўқон туманлараро суд тиббий экспертизаси хулосасига таяниб, ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Айтилишича, М. Зокировнинг мурдаси экспертизадан ўтказилган бўлиб, унда тан жароҳатлари борлиги аниқланмаган. Марҳум М. Зокировнинг мурдаси текширилганда, у ҳаётлик вақтида ўткир бронхопневмония -бронх ва ўпканинг ўткир яллиғланиши - касаллиги билан касаллангани аниқланган. Айнан мана шу касаллик вояга етмаган ўқувчининг ўлимига бевосита сабаб бўлган.

Туман прокуратураси томонидан мазкур мактаб ўқувчисининг ўлими юзасидан терговгача текширув ўтказилган. Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ҳам мазкур ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилган бўлиб, мактабда ўқитувчи томонидан марҳум ўқувчи М. Зокировга соғлигига жиддий таъсир қиладиган ҳолат содир этилмаган.

"2018 йил 19 ноябрь душанба куни чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси М. М. ўқувчиларни дарсга яхши тайёргарлик кўрмагани учун беш–олти нафар ўқувчига танбеҳ берган. Ўқувчиларни соғлигига жиддий таъсир қиладиган ҳолатда урмаган", деб ёзди ЎзА.

Марҳум ўқувчи Миржалол Зокировнинг ўлими билан боғлиқ унинг отаси шикоятини Озодлик ўрганган эди.