Эронда иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилган тадбиркор қатл этилди

Эроннинг “битум султони” Ҳамидризо Бағирий-Дерманий судда. 2018, 4 сентябрь.

Эронда “битум султони” сифатида танилган тадбиркор иқтисодий жиноятларда айбланиб қатл этилди. Бу ҳақда 22 декабрь куни Эрон матбуоти хабар қилди.

Ҳамидризо Бағирий-Дерманий пора олиш, фирибгарлик каби жиноятларга қўлга ургани учун “ер юзида коррупция тарқатишда” айбдор деб топилган эди.

Тадбиркорга чиқарилган ўлим жазосини октябрь ойида Эрон Олий суди ўз кучига қолдирди. Унга ҳукмни махсус суд чиқарган бўлиб, бундай судларнинг қарорлари бекор қилинмайди.

Бу махсус судлар жорий йилнинг августида олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий розилиги билан ташкил этилган. Хоманаий иқтисодий жиноятларга қўл урганлар “тез ва адолатли равишда” жавобгарликка тортилиши лозимлигини айтиб келади.

Бағирий-Дерманий ёзда коррупцияга қарши кураш бошланганидан бери қатл этилган учинчи тадбиркордир. Ноябрда Эрон полицияси “тангалар султони” деб атаб келган тадбиркор Ваҳид Мазлўмин ҳамда унинг шериги Исмоил Ғасемийлар қатл этилди. Улар сентябрда валюта бозорини манипуляция қилиш каби жиноятларга қўлга ургани учун “ер юзида коррупция тарқатишда” айбдор деб топилган эди.

Шунингдек, махсус судлар ўнлаб тадбиркорни 20 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Эрон расмийлари олтин ҳамда валюта нархларидаги камчиликлар ва ўзгаришлардан фойдаланиб, “иқтисодга путур етказаётган” шахсларга қарши курашишга бел боғлаган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Эронда ташкил этилган махсус судлар фуқароларининг одил судловга бўлган ҳуқуқини қўпол бузишини айтиб келади.