Кобулдаги худкушлик ҳужуми оқибатида 40 дан ошиқ одам ўлди

Портлаш юз берган ҳудуддаги полициячилар.

Кобулда 24 декабрь куни жанггариларнинг пойтахт шарқидаги ҳукумат биносига ҳужум қилгани оқибатида камида 43 одам ҳалок бўлди, 25 киши яраланди.

Хабарда айтилишича, Жамоат ишлари вазирлиги ва бошқа ҳукумат тузилмалари жойлашган мазкур бинода ҳужум пайтида 300 нафардан кўпроқ одам бўлган. Жанггарилар билан отишма 8 соат давом этган.

Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Насрат Раҳимий ҳужумчилардан уч нафари ўлдирилганини, тўртинчи жанггари эса вазирлик биноси олдида бомба ўрнатилган автомашинада ўзини портлатиб юборганини айтди.

Гувоҳларга кўра, ҳужум худкуш ўзини портлатиб юборганидан сўнг бошланган.

- Мен йўлдан ўтиб кетаётиб, бино олдида тўхтаб турган автомашинани кўрдим. Бирдан кучли портлаш юз берди. Бу портлаш зарбидан мен ерга йиқилдим,-деди воқеа гувоҳларидан бири Зикрулла.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.Ўтмишдаги айни ҳужумлар Толибон ëки "Ислом давлати" гуруҳи томонидан амалга оширилган.