Покистон собиқ Бош вазири Навоз Шариф 7 йилга қамалди

Навоз Шариф Исломобод судида.

Исломобод аксилкоррупция суди 24 декабрь куни мамлакат собиқ Бош вазири Навоз Шарифни 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Шариф “Панама ҳужжатлари”га асосланиб илгари сурилган икки айбдан бири – солиқларни яширганликда айбдор деб топилди.

Суд ҳукмида айтилишича¸ аксилкоррупция тергови давомида Шариф Саудия Арабистонидаги пўлат қуйиш заводини қайси пулига олганини асослаб бера олмаган. Эндиликда Шариф адвокатларининг мазкур ҳукм устидан юқори инстанция судига ариза билан мурожаат қилишлари кутилмоқда.

Собиқ Бош вазир ўзининг айбсизлиги ва айбловларнинг сиëсий характерга эгалигини иддао қилмоқда.

“Панама ҳужжатлари” жамоатчиликка сиздирилиши ортидан Шариф 2017 йилнинг 28 июлида Покистон Олий суди ҳукми билан Бош вазирликдан четлатилган ва унинг сиëсат билан шуғулланиши умрбод тақиқланган эди.

2016 йилда Халқаро журналистик суриштирувлар консорциуми (ICIJ) “Панама ҳужжатлари” номини олган Панамада жойлашган Mossack Fonseca юридик ширкатига тааллуқли 11 миллион ҳужжатни оммага эълон қилган эди.

Мазкур ҳужжатлар дунëнинг аксар давлатларидаги юқори лавозимли сиёсатчиларнинг солиқдан бўйин товлаши билан боғлиқ молиявий схемаларни фош қилган эди.