Альп тоғида 40 дақиқа қор кўчкиси остида қолган бола тирик ҳолатда қутқариб олинди

Альп тоғлари.

Француз Альпларида 40 дақиқа қор кўчкиси остига кўмилиб қолган 12 ёшли бола қор остидан тирик чиқариб олинди. Қутқарувчилар бу ҳолатни “мўъжиза”, деб баҳоладилар.

Полициянинг билдиришича, болакай Ла-План курортида 26 декабрь куни 7 кишидан иборат гуруҳ таркибида тоғ чанғи спорти билан шуғулланаётган пайтда қор кўчкиси остида қолган. Бундан ташқари кўчки болани юз метр масофага судраб борган.

Полиция исковуч ит воситасида боланинг қаерда эканини аниқлаган ва 40 дақиқадан сўнг уни қор остидан қутқариб олган. Кўчки остида бола хушидан кетган ҳолатда бўлган, аммо бахтли тасодиф туфайли кўчки остида пайдо бўлган ҳаво уни ўлимдан сақлаб қолган.