Москвада жосусликда гумонланиб қўлга олинган АҚШ фуқаросига расман айблов билдирилди

Пол Уилан.

Россия Москвада қўлга олинган АҚШ фуқароси Пол Уиланга расман айблов билдирди.

“Интерфакс” агентлигининг хабар беришича, Уиланга жосуслик айблови билдирилган ва бу айблов билан у 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Москва суди эҳтиёт чораси сифатида Уиланни 28 февралгача қамоқда сақлаш тўғрисида қарор чиқарди. Уиланнинг адвокати Владимир Жеребенков:

-Мен ҳам, ҳимоямдаги одам ҳам бу қарордан норози. Биз бу қарор устидан Москва шаҳар судига апелляция шикояти киритамиз. Суд терговчиларнинг Уилан қочиб кетиши мумкин, деган иддаосига асосланган ҳолда уни ҳибсга олди. Биз эса Уиланни гаров эвазига озод этишни таклиф қилмоқдамиз,- деб айтди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати 31 декабрь куни АҚШ фуқароси Пол Уилан жосуслик қилаётган пайтида қўлга тушганини маълум қилган эди. Уиланнинг қариндошлари эса у Москвага тўйга борганини айтмоқдалар.

48 ёшли Пол Уилан Мичиган штатида яшаган ва АҚШдаги автомобиль эҳтиёт қисмларини сотувчи "BorgWarner" ширкатининг хавфсизлик бўйича директори лавозимида ишлаган.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 2 январь куни Москвадан АҚШ фуқароси қандай асосларга кўра жосусликда айбланиб қўлга олингани юзасидан тушунтириш талаб қилган ва Москвани Уиланни зудликда озод этишга чақирганди.