Толиблар Қатарда АҚШ расмийлари билан икки кунлик тинчлик музокаралари ўтказилишини эълон қилди

АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод.

Афғонистондаги Толибон вакили 9 январда Қатарда АҚШ расмийлари билан икки кун тинчлик музокаралари олиб борилишини маълум қилди. Аммо толиблар Афғонистон ҳукумати расмийларини “қўғирчоқ”, деб атаб улар билан учрашишдан бош тортмоқда.

Толиблар АҚШ уларнинг Афғонистондаги асосий душмани эканлигини айтиб, минтақадаги қудратли давлатларнинг музокараларда Афғонистон ҳукумати расмийлари қатнашишига рози бўлиш чақириқларини рад этиб келади.

Толиблар етакчиси 8 январь куни Reuters билан суҳбатда:

- Бу гал Америка расмийлари билан сўзлашмоқчимиз, - деди.

Толиблар етакчиси Доҳадаги музокаралар давомида Афғонистондан АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш талаблари, маҳбус алмашиш ҳамда бир неча толиб етакчисининг саёҳат қилишига қўйилган чекловларни бекор қилиш масалалари муҳокама қилинишини айтди.

Режалаштирилган учрашув толиблар етакчилари ҳамда АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод ўртасида ўтказилган тўртинчи учрашув бўлади.

АҚШ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жон Болтон Доҳадаги музокараларда қатнашадими-йўқми - ҳозирча номаълум.

Йил бошида толиблар АҚШ расмийлари билан Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган учрашувни бекор қилган эди. Бунга Ар-Риёд музокараларда Афғонистон ҳукумати расмийлари қатнашишини талаб қилгани сабаб бўлган.