Эрдўғон Туркия курдлар масаласида АҚШ билан муроса қилмаслигини айтди

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 8 январда ўз мамлакати АҚШ билан Суриядаги курд жанггарилари хавфсизлигини таъминлаш масаласида ҳеч қачон келиша олмаслигини айтди.

6 январь куни Исроилга борган АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Туркия курдлар хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини зиммасига олган тақдирдагина Суриядан АҚШ ҳарбийлари тўлиқ олиб чиқиб кетилишини билдирган эди.

Эрдўғон бу масалада сўзлаган нутқида:

-Жон Болтон бу масалада жиддий хатоликка йўл қўйди. Шундай ўйлаётганлар ҳам хато қилмоқда. Бу масалада биз ҳеч қандай муросасозлик қилмаймиз. Суриядаги террорчиларнинг бир қисми ҳисобланганларнинг барчасига муносиб сабоқ берилади, -деб айтди.

Болтон 8 январь куни Анқарага борган ва Эрдўғоннинг маслаҳатчиси Иброҳим Қалин билан икки соатлик учрашув ўтказган эди.

Болтон Суриядан АҚШ аскарлари олиб чиқиб кетилса, Туркия курдлар хавфсизлигини таъминлашига кафолат олмоқчи эди.

Туркия курд жанггариларини террорчилар деб ҳисоблайди, АҚШ эса курд жанггарилари билан «Ислом давлати» гуруҳига қарши урушда яқин иттифоқчи бўлган.

АҚШ президенти Дональд Трамп 19 декабрда Суриядан АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилишини билдирган эди. Бугунги кунда Сурияда 2 минг нафар АҚШ ҳарбийси бор.