Ўзбекистонда фоҳишалик учун жарима миқдори оширилди, бу иш билан шуғулланиш энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача жарима солинишига олиб келади.
Бу меъёр президент Мирзиёев 9 январда имзолаган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунда белгилаб қўйилди.
Қонун матни "Халқ сўзи" газетасида 10 январда эълон қилинди ва кучга кирди.
Шу пайтгача фоҳишалик учун жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача эди.
Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилган бўлса энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Шу пайтгача энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача жарима эди.