Трамп энг узоқ ҳукумат “шатдаун”и яна давом этишидан огоҳлантирди

АҚШ президенти Доналд Трамп

АҚШ президенти Доналд Трамп 12 январь куни Twitter саҳифасида энг узоқ “шатдаун” учун яна демократларни айблади.

Трамп ҳукумат фаолиятининг қисман тўхтатилиши яна давом этишидан огоҳлантирди.

Америка ҳукумати иши 2018 йил 22 декабрдан тўхтаган. Бунга президент Дональд Трамп таклиф этаётган Мексика ва АҚШ орасида девор қуриш лойиҳасини молиялаш бўйича республикачилар ва демократларнинг келиша олмаётгани сабаб бўлди.

12 январь куни “шатдаун” рекорд даражага етди ва олдинги 21 кунлик кўрсаткичдан ошди. Билл Клинтон президент бўлган 90-йилларда ҳукумат фаолияти 21 кун тўхтаб қолган, 800 мингга яқин давлат хизматчиси ё ишламаган, ёки маошсиз ишлаган эди.

Демократлар Трампнинг ўтган йили молиялаш тўғрисидаги икки партия тақдим этган қонун лойиҳасини “жаҳл қилиб” имзоламагани, бунга у қурмоқчи бўлаётган девор харажатлари қўшилмагани сабаб бўлганини айтмоқдалар.

Трамп эса девор Қўшма Штатларга Мексикадан ноқонуний иммигрантлар ва наркотиклар оқимини камайтириш учун зарур, демоқда.

Демократлар ва бошқа танқидчилар мамлакат чегарасига бундай тўсиқ кераклигига шубҳа қилади, ҳатто уни бутунлай кераксиз, деб ҳисоблайди.