Саудиялик қиз бошпана берилгандан сўнг Канадага борди

Уйига қайтарилса, ўлдирилишини айтганидан сўнг бошпана берилган саудиялик 18 яшар қиз Канадага етиб борди.

Раҳаф Муҳаммад ал-Қунун ижтимоий бошпана сўраб, тармоқларда кампания бошлагач, жаҳон жамоатчилиги эътиборини тортганди.

Канада Ташқи ишлар вазири Кристия Фриленд 12 январда уни Торонто халқаро аэропортида кутиб олди.

У Қувайтга сафар қилаётиб, оиласидан қочиб Бангкокка учганди. Ал-Қунун ватанига депортация қилинмаслиги учун Бангкокдаги меҳмонхонага қамалиб олиб, Твиттерга аҳволи ҳақида хабарларни жойлаганди.

11 январда Канада Бош вазири Жастин Трюдо ўз мамлакати ал-Қунунга бошпана беришини эълон қилди.

Қунуннинг аҳволи Саудия Арабистонида аёлларнинг ҳуқуқи қай даражада эканини яна бир карра кўрсатиб берди. У ерда бир неча аёл чет элдан бошпана олиш учун қочмоқчи бўлганида тутиб олиниб, оиласига қайтарилганди.