Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва уларнинг ойлигидан пул ушлаб қолиш қонунан тақиқланади

Иллюстратив сурат.

Яқин кунларда ўқитувчиларнинг иш ҳақидан турли тўловларни, жумладан, даврий нашрларга обуна учун пул ушлаб қолиш ва уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш қонунан тақиқланиши режалаштирилмоқда. Бу талаб Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўқитувчи мақоми тўғрисида” ги қонун лойиҳасида белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида 11 январда эълон қилинган лойиҳада таъкидланишича, ушбу қонун ўқитувчиларнинг мақомини ва педагогик фаолият принципларини ҳамда ўқувчиларнинг малакасини ошириш бўйича тизимни белгилаб беради. Шунингдек, ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қиммати кафолатлари белгиланади.

Қонун лойиҳасида қайд этилишича, таълим муассасалари ўқитувчиларини мажбурий меҳнат, шаҳар ва туман ҳудудларини кўкаламлаштириш ва ободлаштириш ишларига, металлолом ва макулатура йиғишга, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ва шунга ўхшаш бошқа ишларга жалб этиш тақиқланади.

Ота-оналар ўқитувчининг профессионал мажбуриятлари доирасига кирадиган масалаларга асоссиз аралашиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Қонун лойиҳасида ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси ва индивидуал педагогик фаолиятга доир ҳуқуқларини белгилаб бериш ҳам назарда тутилган.