Хўжанд суди тожик журналистини сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилди

Тожикистонлик журналист Хайрулло Мирсаидов.

Тожикистонлик журналист Хайрулло Мирсаидов Хўжанд суди томонидан сиртдан 8 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Журналист суд томонидан “аввалги суд қарорини бажармаганликда” ва “мамлакатни рухсатсиз тарк этганлик”да айбдор деб топилди.

2017 йилнинг 11 июлида Хўжанд суди Хайрулло Мирсаидовни давлат мулкини ўзлаштириш, ҳужжатларни сохталаштириш, милицияга ёлғон ҳисобот бериш, этник ва диний нафрат қўзғатишда айблаб 12 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

Журналист унга қўйилган айбловларга ҳукумат коррупцияси ҳақидаги мақолалари туртки бўлганини айтиб, уларга иқрор бўлмаган.

Халқаро ташкилотлар расмий Душанбени журналистни зудликда қамоқдан чиқаришга чақирган эди.

Шундан сўнг Сўғд вилоят суди журналист Xайрулло Мирсаидовни 2017 йилнинг 22 август куни суд залидан озод қилган. Xайрулла Мирсаидовни 12 йил озодликдан маҳрум этиш тўғрисидаги биринчи суд инстанциясининг ҳукми бекор қилинган ва журналистга 80 минг сомоний (8,5 минг доллар) жарима тўлаш ва жамоат ишларига жалб қилиш жазоси қўлланилган.

Хайрулло Мирсаидов айни пайтда Тожикистондан ташқарида яшамоқда.