ЕТТБ "Ўзбекэнерго"га 240 млн долларгача кредит ажратиши хабар қилинди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки «Ўзбекэнерго» учун давлат кафолати остида 240 млн долларгача миқдорда кредит ажратмоқда. Бу банкнинг айни вақтдаги энг йирик кредитидир.

Бу ҳақда ЕТТБ матбуот хизматига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Маблағлар Таллимаржон иссиқлик электростанциясига (ИЭС) энг камида 900 МВт қувватга эга газ турбиналарини ўрнатиш ҳамда тегишли инфратузилмаларни яратишга йўналтирилади.

Лойиҳанинг қолган қисми Осиё тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан биргаликда молиялаштирилади.

ЕТТБга таяниб, сайтнинг хабар қилишича, лойиҳа Ўзбекистондаги электр таъминоти самарадорлиги ва ишончлилигини оширишга ёрдам беради ва электр энергиясини ишлаб чиқариш учун янги қувватларни ташкил этиш бўйича вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади.

Узлуксиз ва барқарор электр таъминоти йўқлиги Ўзбекистондаги асосий муаммолардан ҳисобланади.