Польша шимолидаги 570 минг киши яшайдиган Гданьск шаҳрининг 53 яшар мэри Павел Адамович номаълум шахс 13 январь оқшомида қаттиқ жисм билан зарба бергани ортидан вафот этди.
Мэр касалхонада 5 соат давомида жарроҳлик амалиётидан ўтди. Гданьск шаҳри касалхонаси врачлари мэрнинг аҳволи ўта оғир эканлиги тўғрисида баёнот берган эди.
Шаҳар мэрига 27 яшар Стефан В. ҳужум қилгани маълум бўлди. У хайрия концерти бўлаётган жойда саҳнага чиқиб, мэрнинг кўксига пичоқ билан икки марта зарба берган. Воқеа жойида қўлга олингунича, у адолатсиз қамалиб чиққани тўғрисида ҳайқиришга улгурган.
Польша матбуотига кўра, ҳужум қилган шахс банкларга қуролли ҳужум қилгани учун қамалган. Баъзи хабарларга қараганда унинг руҳиятида ноқислик мавжуд.