Кобулдаги портлашда камида 4 киши ҳалок бўлди

Кобулдаги портлаш пайтида 90 одам яраланди.

Афғонистон пойтахти Кобулда 14 январь куни жанггарилар хорижий ваколатхоналар жойлашган ҳудудда бомба ўрнатилган автомашинани портлатгани оқибатида камида 4 одам ҳалок бўлди, 90 одам яраланди. Яраланганлардан 23 нафари балоғатга етмаган болалардир.

Ҳозирча ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Мазкур ҳудудда яқин пайтларгача БМТнинг айрим ходимлари яшаб ва ишлаб келган. Расмийларга кўра, айни пайтда мазкур ҳудудда қўриқчилардан ташқари деярли ҳеч ким ишламайди ва яшамайди.

Портлаш оқибатида ҳудуддаги қатор биноларга жиддий зарар етган. Айни пайтда полиция тезкор қидирув ва суриштирув ишларини олиб бормоқда.