Афғон чегарасидаги кескинлик боис Туркманистон резервдаги ҳарбийларни рўйхатга олмоқда

Туркман-афғон чегарасининг аксар қисми қўриқланмайди.

Қўшни Афғонистон билан ўзаро чегарадаги кескинлик муносабати билан Туркманистонда резервдаги ҳарбийларни рўйхатга олиш кампанияси бошланган.

Бу ҳақда Озодликка Туркманистон Мудофаа вазирлигининг шахси сир қолишни сўраган мулозими¸ шунингдек регистрацияга чақиртирилганларнинг ўзлари маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги расмийсига кўра¸ Афғонистон билан ўзаро чегарада қуролли жанггарилар сонининг кўпайиши мунисабати билан ҳукумат 50 ëшгача бўлган эркакларни рўйхатга олиш ва уларнинг жисмоний аҳволи ҳамда ҳарбий тайëргарлигини кўрикдан ўтказишга қарор қилган.

Ҳозирча бу жараëннинг бошлангани расман эълон қилинмади.

Туркманистоннинг Афғонистон билан 800 километрлик чегарасининг каттагина қисми Толибон назоратидаги ҳудудлардир.

Туркманистон раҳбарияти 2016 йили Россиянинг аксар қисми қўриқланмайдиган бу чегарада патруллик хизмати ташкил этишда ëрдам бериш таклифини рад қилган.

Хавфсизлик бўйича мутахассислар¸ Туркманистон-Афғонистон чегарасининг яхши қўриқланмаслиги Марказий Осиëга қуролли жанггариларнинг кириб келишига имкон яратиши ҳақида огоҳлантириб келади.