Кобулдаги портлаш учун масъулиятни Толибон ўз зиммасига олди

14 январда Кобулда содир этилган портлашда яраланган қизалоқ.

Кобулдаги хорижий ваколатхоналар жойлашган ҳудуддаги портлаш учун масъулиятни Толибон ўз зиммасига олди.

Кобулда 14 январь куни жанггарилар хорижий ваколатхоналар жойлашган ҳудудда бомба ўрнатилган автомашинани портлатгани оқибатида камида 4 одам ҳалок бўлгани ва 90 одам яралангани, улардан 23 нафари балоғатга етмаган болалар экани хабар қилинганди.

15 январдаги расмий маълумотда айтилишича, портлаш оқибатида 113 одам яралангани аниқланди. Улардан 12 нафари аёл, 23 нафари болалардир.

-Бу мавзеда портлаш оқибатида бирорта зарар етмаган уй қолмади. Ҳар бир хонадонда, жумладан, менинг уйимда ҳам етти-саккиз одам яраланди, - дейди мазкур ҳудудда яшовчилардан бири.

Толибон расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид 14 январь куни бомба ўрнатилган автомашинани тўрт нафар жанггари портлатганини, бу ҳужум Кобулдаги хориж фуқароларига қарши қаратилганини маълум қилди.

Мазкур ҳудудда яқин пайтларгача БМТнинг айрим ходимлари яшаб ва ишлаб келган. Расмийларга кўра, айни пайтда ҳудудда қўриқчилардан ташқари деярли хориж фуқаролари ишламайди ва яшамайди.