Кения пойтахтидаги террорда камида 15 киши ҳалок бўлди

Найробидаги террор ҳужуми содир этилган жой.

Кения пойтахти Найробида 15 январда содир этилган террор ҳужуми оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди. Террорчилар пойтахтдаги меҳмонхона ва офислар марказига ҳужум қилганлар.

Ҳужумдан 11 соат ўтганидан сўнг ҳам Найробида отишмалар бўлиб турди. Одамлар камида битта портлашни эшитганлар. Ички ишлар вазири Фред Матианги ҳудуддан одамлар эвакуация қилингани, террорчиларни йўқ қилиш амалиёти эса давом этаётганини айтди.

Ҳужум учун масъулиятни “Ал Қоида”га алоқадор бўлган “Аш Шабааб” гуруҳи ўз зиммасига олди. Мазкур гуруҳ Сомали ҳудудида фаолият юритади.

Агентликларнинг билдиришларича, ҳалок бўлганларнинг 11 нафари кениялик, 1 нафари британиялик ва бир нафари америкаликдир.

“Аш Шабааб” гуруҳи аввал ҳам Кенияда террор ҳужумларини амалга оширган. 2013 йилнинг сентябрида Найробидаги Westgate савдо марказига қилинган ҳужум уч кун давом этган ва 67 одам ҳалок бўлган.

2015 йилда эса гуруҳ Гарисс университетига ҳужум қилиб, 150 нафар одамни ўлдирган эди.