Тожикистон Ислом маркази Уламолар кенгаши ўз фатвоси билан эркаклар жинсий қувватини оширишга таъсир кўрсатадиган доривор воситалардан фойдаланишга рухсат берди.
Тожикистон Ислом марказининг фатволар бошқармаси мутахассиси Абдулвоҳид Ҳомидовнинг 15 январь куни маълум қилишича, фатво мусулмонларнинг мурожаатларидан сўнг чиқарилган. Мусулмонлар дин пешволаридан эркаклар қувватини оширишга таъсир кўрсатадиган воситалар шариатга мос келиш-келмаслигини сўрашган.
«Мутахассислар диний адабиётни ўқиб, ўрганиб чиқишди ҳамда эркакларнинг қуввати пасайиб кетган тақдирда доривор воситалардан фойдаланишлари мумкин, деган хулосага келишди», - дейди руҳоний.
Ўтган йилнинг май ойида Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Давлат назорат хизмати (собиқ фармацевтика фаолияти устидан назорат давлат хизмати) шифокорлар тавсияси бўйича импотенция (жинсий заифлик)ни даволаш ва қувват берувчи препаратлар рўйхатини тасдиқлаган эди.
«Қувватни оширувчи дориларнинг маълум қисми фақат рецепт асосида берилади, - дейди идоранинг маъсул ходими Маҳмадали Давлатов. - Қолганлари эса рецептсиз ҳам сотилаверади. Бироқ муаммо бунда эмас. Шифокорлар аҳоли ўртасида у ёки бу дорининг фойдаси ва зарари ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришлари керак».
Тожик эркаклари анъанавий жамият вакиллари сифатида жинсий қувват сусайганида шифокорларга мурожаат қилишдан уялишади ва шифокорлар хизматидан воз кечишади. Улар ўз билганларича ва танишларининг тавсиясига биноан дори ичишга ҳаракат қиладилар.
Шифокорнинг сўзларига қараганда, сўнгги вақтларда ёшлар қувватни оширувчи баъзи воситаларни тез-тез қабул қилишга ўтиб кетган. Бу дориларни ортиқча қабул қилиш соғлиққа зарар етказиши мумкин.