Британия парламенти бош вазир Тереза Мэйга ишонч билдирди

Тереза Мэй.

Британия парламенти бош вазир Тереза Мэйга ишонч билдирди. Ҳукуматга ишончсизлик билдириш масаласида 16 январда ўтказилган овоз бериш жараёнида 325 депутат Тереза Мэйни қўллаб қувватлади, 306 депутат ҳукумат истеъфоси учун овоз берди.

-Мен бугун кечқурун парламент ҳукуматга ишонч билдирганидан мамнунман. Бу ишончни мен жиддий қабул қиламан ва ҳукумат мамлакатимиз фаровонлиги йўлидаги ҳаракатларни давом эттираверади. Биз Европа Иттифоқидан чиқиш юзасидан ўтказилган референдум натижаларига таяниб халқимизга иттифоқдан чиқиш юзасидан берган тантанали ваъдамизни бажарамиз,-деди Тереза Мэй.

Британия парламенти15 январь куни кечқурун мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши юзасидан Брюсселда эришилган шартномага қарши овоз берган эди. Бунинг ортидан мухолифат ҳукуматга ишончсизлик билдириш масаласини кўтарган.

2019 йилнинг 29 март куни Британия расман ЕИдан чиқиши лозим. Бу чиқиш шартлари белгиланган келишувнинг муваффақиятсизликка учраши¸ таҳлилчилар фикрича¸ Британия-ЕИ муносабатлари¸ хусусан¸ Британия иқтисодида хаос бошланишига олиб келиши мумкин.