Ўлимларнинг 60 фоиздан кўпроғига қон айланиш тизимидаги касалликлар сабаб бўлмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2018 йилда 768 минг 300та бола туғилган. Йил давомида 154,7 мингта ўлим қайд этилган.

Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида қайд этилишича, ўлимларнинг 60,3 фоизи қон айланиш тизими касалликлари оқибатида юз берди. Ўлганларнинг 9,7 фоизи ўсимталардан, 6,5 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 5,6 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,0 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 1,5 фоизи юқумли ва паразитар касалликлардан ҳамда 12,4 фоизи бошқа касалликлардан вафот этган.

Рўйхатга олинган 1 ёшгача вафот этган болалар сони 7,5 минг нафарни ташкил этиб, уларнинг 60,5 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 16,8 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 11,7 фоизи туғма аномалиялардан, 2,3 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 2,5 фоизи юқумли ва паразитар касалликлардан, 0,7 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан ва 5,5 фоизи бошқа касалликлардан вафот этган.

2018 йилда аҳолининг табиий ўсиши 613 минг 600 кишини ташкил этган. Бу эса 2017 йилга нисбатан 58 минг 800 кишига кўпдир.